Мирзиёев Эрон элчихонасига бориб, ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
21 Май
5095Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 май куни Эрон Ислом Республикасининг элчихонасига бориб, мамлакат шимолида вертолёт қулаши оқибатида Президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахслар фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан Эрон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Давлат раҳбари дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига самимий таъзия ва таскин сўзларини ёзиб қолдирди", дейилади хабарда.
Ўзбекистон етакчиси элчи Муҳаммадали Искандарий билан қисқа суҳбатда президент Иброҳим Раисий етук давлат арбоби ва сиёсатчи бўлгани, Эроннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳамда мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга, шунингдек, икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 май куни Ўзбекистон Президенти Эроннинг Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга ҳамдардлик мактуби йўллаган эди.
Раисийнинг ўлими
19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.
Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.
Вертолёт қулаган жойда қутқарув ишлари якунланди. Қурбонларнинг жасадлари Шарқий Озарбайжон вилоятининг маркази Табризга етказилади.
Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Раисийнинг дафн маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтиши билдирилди.