Мирзиёев “Электрон ҳукумат” дата-марказини очиб берди
Жамият
−
27 Август 2022
8721Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 27 август куни Тошкент вилояти ва пойтахтдаги янги барпо этилган мажмуалар билан танишди.
Улардан бири – Зангиота туманида қурилган “Электрон ҳукумат” тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази.
Ўзбекистонда халқаро талабларга мос Датамарказ ташкил этиш заруратга айлангани боис “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида Ўзбекистонда илк бор катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази барпо этилди. Давлат раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Марказда Хитойнинг Huawei компанияси билан ҳамкорликда 20 пета байт хотирага эга тизим ташкил этилган. 580 та сервер, умумий электр қуввати 5 мегаваттли дизель генераторлар тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди. Бинони совутиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тармоқлари ҳам барча талабларга жавоб беради. Умуман, Маълумотлар маркази халқаро “Uptime” институти томонидан бериладиган TIER III сертификатига эга.
“Бу марказ рақамлаштиришнинг “юраги”, “Электрон ҳукумат”нинг замини”, деган Президент.
Қайд этилишича, мазкур марказ ишга тушиши натижасида давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган миллиардлаб ҳаражатлари тежалади, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади. Энг асосийси, киберҳужумлардан ишончли ҳимоя таъминланади.