Мирзиёев Буюк Британияга ташриф буюради
Жамият
−
10 Август 2019
5826Кеча, 9 август куни Буюк Британия томонининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Буюк Британиянинг Европа ва Америка мамлакатлари бўйича ташқи ишлар давлат вазири Кристофер Пинчер ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Кристофер Пинчерни Буюк Британиянинг ташқи ишлар давлат вазири (хусусан Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликка масъул) этиб тайинлангани билан табриклади ва унга ушбу масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилади.
Суҳбат чоғида ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинди.
Британиялик дипломат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда ўтказилаётган кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни юқори баҳолади. Таъкидланганидек, Буюк Британия расмийлари республикада амалга оширилаётган қатъиятли ва чуқур ўйланган ислоҳотларни катта эътибор билан кузатмоқдалар ва Ўзбекистон томонига ислоҳотларни тадбиқ этишда муваффақиятллар тилайдилар.
Кристофер Пинчер сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ҳар томонлама ҳамкорлик фаоллашаётганини қайд этди. Британия томони барча соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди. Шу ўринда таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор беришни таклиф этди.
Мулоқот давомида Буюк Британияга олий даражадаги ташрифни ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилинди ва ушбу икки томонлама муҳим тадбирга тегишли тайёргарлик ишларини бошлаш тўғрисида келишиб олинди.
Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида тажриба алмашиш амалиётини давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Кристофер Пинчер Буюк Британия жорий йилнинг декабр ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлажак сайловларга катта қизиқиш билан қараётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Британия томони ўз вакилларни сайловда кузатувчи сифатида иштирок этиш учун юборишни кўзламоқда.
Суҳбат якунида жорий йилда бошланган икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.