Мирзиёев барча ижро ҳокимияти Янги Тошкентга кўчишини айтди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев барча давлат ижро ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларни Янги Тошкентга кўчириш режаларини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган тадбирда сўз очди.

“Яшил макон деганимиз бу бежиз эмас, бу – келажагимиз. Худо хоҳласа, мана Янги Тошкентни қуриб, бутун ижро органининг ҳаммасини Янги Тошкентга кўчиришни режа қиляпмиз. Тасаввур қилинглар, катта машиналар кирмайдиган, тирбандликлар йўқ бўлиб, одамлар бундан фақат манфаат қозонади”, деган Мирзиёев.

Давлат раҳбари Баку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP29) сўзлаган нутқини ҳам эслатиб ўтган. Президент агар иқтисодиёт барқарорлиги билан биргаликда экологияга, яшил иқтисодиётга эътибор бериш кераклигини таъкидлаган.  

“2025 йилни бежиз “Она табиатни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деганим йўқ. Мана ҳамма соҳада жаҳон бозорига чиқмоқчимиз, ЖСТга кирмоқчимиз, мақсадимиз битта – бозор топиш. Тадбиркорларга бозорни очмасак, у тадбиркор шунча технологияни Европадан, Осиёдан, Америкадан, Хитойдан олиб келиб ётибди. Эртага унинг маҳсулоти қаерга боради? Биласизларми, онг ўзгариш керак. Рақобатбардош, коррупциядан холи қилиш учун технологияларни янгилаб, бозорга муносиб маҳсулот чиқариш керак. Мақсад – даромад топиш, манфаатли бўлиш”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёев, шунингдек, ялпи ички маҳсулотни 200 млрд долларга етказиш режалари ҳақида гапирди.

“Уч кунлик маърузаларимда айтдим-ку, марра 200 миллиард доллар қилиш. Бошлаганимизда 51 миллиард доллар эди, ҳозир 110 миллиард бўлаяпти, Қилса бўлар экан! Шунинг учун халқимиз, ўз келажагимиз, жонажон ватанимиз учун қилган ҳамма режаларимиз учун мана шу стратегиямизга муносиб ҳаракат қилсак, ана шунда марра бизники бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боғга кўчат эккани ҳақида хабар берилганди. Дарахт экиш пайтида давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари ва чет эллик дипломатлар билан суҳбатлашган, ушбу ташаббусга ҳисса қўшаётгани учун уларга миннатдорлик билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев вазирлик ва идоралар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг