Мирзиёев Ашхободда медаль билан тақдирланди
Жамият
−
12 Октябрь
2896Кеча, 11 октябрь куни шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий юбилейига бағишланган халқаро форум якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга "Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги" эсдалик медалини тантанали равишда топширди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Ашхобод шаҳрига амалий ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.
Аэропортда Мирзиёевни Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйди.
Ўзбекистон Президенти Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форумда унинг мероси халқлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва ўзаро англашув ришталарини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар бошлиқлари иштирок этди.
Тадбир доирасида Президент Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашувлар ўтказди.