Мирзиёев Пезешкиённи Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
11 Октябрь
4715Бугун, 11 октябрь куни Ашхобод шаҳридаги халқаро форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президентларнинг матбуот хизматлари хабар берди.
Билдирилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Турли даражалардаги фаол алоқалар ва самарали алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилган. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони ортиб бораётгани таъкидланган.
“Давлат раҳбарлари кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва тезкор амалга ошириш, Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар. Ўзбекистон ва Эрон етакчилари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар”, дейилади Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабарида.
Пезешкиённинг матбуот хизмати эса Эрон Президенти Мирзиёев билан учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия йиғилишини ўтказиш зарурлигини таъкидлаганини ёзди. Шунингдек, Пезешкиён Ўзбекистон Президентини Теҳронга таклиф қилган.
“Эроннинг илмий ва саноат соҳаларидаги имкониятлари қўшма ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиши мумкин”, деган Пезешкиён.
Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев ҳам Пезешкиённи Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилган.
Маълумот учун, бугун, 11 октябрь куни Ашхободда туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган "Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси" мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар бошлиқлари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Пезешкиён Россия Президенти Владимир Путин билан учрашганди. Мирзиёев эса Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашиб, унга Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган танланган асарлари тўпламини совға қилди.
LiveБарчаси
2024 йил сўзи сифатида “брат” танлади.
02 Ноябрь