Мирзиёев “Арқадағ”га ҳам сим қоқди
Жамият
−
19 Март
3494Бугун, 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Суҳбат аввалида етакчилар яқинлашиб келаётган баҳор айёми – Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон ва Туркманистон халқларига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
“Дўстлик, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда ва кооперация чуқурлашмоқда. Биргаликда "Шовот - Тошовуз" чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасида тадбирлар ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шериклик, муҳим форум ва анжуманларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталган.
Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё плюс” форматида ўтказиладиган саммитлар ҳамда Тошкент шаҳрида минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилган.
Мирзиёев жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган.
Маълумот учун, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу саммитда қатнашиш учун Ўзбекистонга келади. Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида бўлиб ўтади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилганди.