Мирзиёев 5 мамлакатни Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги янги тизимга қўшилишга таклиф қилди
Жамият
−
11 Ноябрь 2022
9863Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган автотранспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Туркий давлатлар ташкилотининг бошқа аъзо ва кузатувчи мамлакатларини ҳам тааклиф қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари Самарқандда ўтаёттган саммитда гапирган.
Президент кун тартибидаги яна бир стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб масала – бу транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш эканини урғулади.
“Биз транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапираяпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак. Мисол учун: Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 фоиз ташқи савдо юкларини ташимоқда.
Биз транспорт ва транзит салоҳиятимизни тўла ишга солиш учун нималар қилишимиз керак, Қандай қўшимча чоралар кўриш керак, уларни қайси муддатда ва кимлар амалга оширади, деган саволларга жавоб топишимиз лозим”, дейди Мирзиёев.
У бугунги саммитда қабул қилинаётган Дастур асосида транспорт вазирлари томонидан йил охирига қадар қўшма ҳамкорликнинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
“Асосий эътиборни минтақамиздаги транзит коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратмоғимиз керак.
Шу ўринда, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган авто-транспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Ташкилотимиз давлатларини ҳам қўшилишга чақирамиз”, дейди Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилаётган йиғилишда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, кузатувчи мамлакат Венгрия Бош вазири Виктор Орбан саммитнинг фахрий меҳмони – Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, ташкилот бош котиби Бағдод Амреев иштирок этмоқда.