Мирзиёев Ҳиндистон Бош вазири билан учрашди

Олам

image

Бугун, 16 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Самарқандга келган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари олий мартабали меҳмонни Ҳиндистон мустақиллигининг 75 йиллиги билан самимий табриклаган.

Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.

Икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръатлари мамнуният билан қайд этилган. Томонлар ҳамкорликни ўзаро манфаатли барча йўналишларда янада кенгайтириш борасида биргаликда ишлашга тайёр эканликларини таъкидлаганлар.

Етакчилар ўзаро савдо ҳажми ошиб бораётганини кўрсатиб ўтган. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш 30 фоизга ўсгани, кейинги олти йилда қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайгани қайд этилган.

IT, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Яқин йилларда ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш дастурларини, шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш битимини тез фурсатда қабул қилиш ва амалга ошириш зарурлиги айтилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Ҳиндистон билан транспорт алоқаларини, шу жумладан “Чобаҳор” портидан фойдаланган ҳолда мустаҳкамлашдан манфаатдор экани таъкидланган.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг учта университети очилди.

Биринчи “Ҳиндистон – Марказий Осиё” онлайн саммитининг якунлари юксак баҳоланди, ушбу платформа доирасида қабул қилинган келишувларни рўёбга чиқариш муҳимлиги қайд этилди. Ҳиндистон томонига БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилган.

Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш ва унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилган. Нарендра Моди Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини олқишлаган.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш бўйича қўшимча чоралар кўришга келишиб олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Нарендра Моди

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг