Миннихонов Атамбоевнинг рафиқасига автомобиль совға қилди

Олам 10298
image

Татаристон Президенти Рустам Минниханов Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти айни вақтда ҳибсда сақланаётган Алмазбек Атамбоевнинг рафиқаси Раиса Атамбоевага автомобиль совға қилди. Бу ҳақда Атамбоев асос солган Социал-демократик партиянинг матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Атамбоевга нисбатан жиноий иш қўзғатилгандан кейин у асос солган партияда бўлиниш юз берди. Бир қисми собиқ президентга содиқ қолди ва уни фаол равишда қўллаб-қувватламоқда. Иккинчи қисм амалдаги ҳокимият идораларининг позициясини қўлламоқда.  

Бундан бироз аввал Раиса Атамбоеванинг ишга жамоат транспортида қатнаётгани тасвирланган суратлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Бу суратлар Миннихоновгача етиб борган. 

"Татаристон Президенти Рустам Минниханов жамоат транспортида кетаётган Раиса Атамбоеванинг фотосуратини кўриб, унга ҳайдовчининг маоши ва автомобилни бошқариш билан боғлиқ барча харажатларни, шу жумладан ёқилғи харажатларини инобатга олган ҳолда автомобилни совға қилди”,  дейилади матбуот хизмати хабарида. 

Партия котибиятига кўра, Раиса Атамбоева Миннихановга одамгарчилиги,  ҳамдардлиги ва қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорчилик билдирган. Атамбоеванинг таъкидлашича,  унинг жамоат транспортидан фойдаланиш табиий ҳол эди. 

Атамбоев ҳокимиятни 2017 йилда бўлиб ўтган Президент сайлови натижаларига кўра, ўз вориси ва энг яқин иттифоқчиси Сооронбай Жээнбековга топширди. Аммо кўп ўтмай, собиқ Президент жамоаси аъзоларига қарши жиноий иш қўзғатилди. Атамбоев собиқ Президент мақомидан маҳрум қилинди ва оғир ва ўта оғир жиноятларда айбланди.  

7-8 август кунлари Қирғизистон махсус хизматлари собиқ Президент Атамбоевни пойтахтдан 20 километр нарида жойлашган Қой-Тош қишлоғидаги ўз қароргоҳида ушлаш учун операция ўтказди. Махсус операция натижасида 136 киши тан жароҳати олди, бир киши ҳалок бўлди. Махсус давлат комиссияси содир бўлган воқеалар учун барча жавобгарликни Атамбоевга юклади. 

Айни вақтда Атамбоевлар оиласига тегишли бўлган барча ҳисоб рақамлар музлатилган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 305
Рейтинг: 2.9
t
×