Миллионлаб мухлислар мундиални томоша қила олмаслиги мумкин
Спорт
−
04 Май 2360 3 дақиқа
Дунёдаги энг кўп аҳолига эга икки мамлакат – Ҳиндистон ва Хитойда миллионлаб футбол мухлислари 2026 йилги Жаҳон чемпионатини томоша қила олмаслиги мумкин. Бунга сабаб – трансляция ҳуқуқи бўйича келишув ҳалигача ҳал этилмаган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, Ҳиндистонда “Reliance–Disney” қўшма корхонаси 2026 йилги мундиаль трансляцияси учун 20 миллион доллар таклиф қилган. Бироқ бу сумма FIFA талаб қилган нархдан анча паст бўлгани сабабли рад этилган. Sony компанияси ҳам музокаралар олиб борган, аммо иқтисодий жиҳатдан манфаатли эмас деб ҳисоблаб, таклиф киритишдан воз кечган.
Хитойда ҳам ҳолат ноаниқлигича қолмоқда. Ҳозирча мамлакатда Жаҳон чемпионати трансляцияси бўйича расмий қарор эълон қилинмаган. Бу эса одатий амалиётдан кескин фарқ қилади. Масалан, 2018 ва 2022 йилларда Хитой давлат телеканали – CCTV мусобақадан анча олдин трансляция ҳуқуқини қўлга киритиб, реклама ва тарғибот ишларини бошлаган.
Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилги Жаҳон чемпионатида Хитой дунё бўйича рақамли платформалардаги кўриш соатларининг қарийб 49,8 фоизини ташкил этган. Телевизион аудиторияда эса Хитой улуши 17,7 фоиз, Ҳиндистонники эса 2,9 фоизни ташкил қилган. Иккала мамлакат биргаликда рақамли стриминг аудиториясининг 22,6 фоизини берган.
Маълумот ўрнида, 2026 йилги турнир 11 июнь куни старт олади. Бу эса келишувга эришиш, трансляция инфратузилмасини тайёрлаш ва реклама бозорини шакллантириш учун атиги бир неча ҳафта вақт қолганини англатади.
Манбаларга кўра, FIFA дастлаб Ҳиндистон учун 2026 ва 2030 йилги мундиаллар трансляция ҳуқуқларини 100 миллион долларга баҳолаган. Кейинчалик бу нарх пасайтирилган бўлса-да, 20 миллион долларлик таклиф ташкилотни қониқтирмаган. 2022 йилда эса “Reliance” компанияси ушбу ҳуқуқларни тахминан 60 миллион долларга сотиб олган ва мусобақани 110 миллиондан ортиқ рақамли томошабин кузатган.
Мутахассислар фикрича, бу сафар қизиқиш нисбатан паст бўлиши мумкин. Чунки мусобақа АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади ва ўйинларнинг кўп қисми Ҳиндистон вақти билан ярим тундан кейин намойиш этилади. Шунингдек, мамлакатда футбол крикет каби оммавий спорт тури ҳисобланмайди.
Хитойда эса тахминан 200 миллион футбол мухлиси борлигига қарамасдан, спортнинг тижорий жозибадорлиги ва миллий жамоа муваффақиятларининг чеклангани бозорга таъсир кўрсатмоқда. Реклама бозоридаги пасайиш ҳам вазиятни мураккаблаштирган. Манбаларга кўра, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликлар, хусусан, Эрон билан боғлиқ вазият реклама даромадларига салбий таъсир кўрсатган.
Шундай қилиб, дунё футболининг энг йирик турнири арафасида икки улкан бозорда трансляция масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA’нинг чипталарни қайта сотиш сайтида Жаҳон чемпионати финали учун тўртта чипта савдога қўйилгани, уларнинг ҳар бири деярли 2,3 миллион долларга тенг эканлиги хабар қилинган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси