Мигрантларни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетди. Қурбонлар бор

Олам

image

Франция қирғоқлари яқинида Буюк Британия томон Ла-Манш бўғозини кесиб ўтаётган қайиқ ҳалокатга учраб, бортдаги камида 12 муҳожир билан вафот этди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, бортида тахминан 70 киши бўлган қайиқ бугун, 3 сентябрь куни эрталаб чўкиб кетган. Франция шимолидаги Па-де-Кале департаментидаги Ле-Портель коммунаси маъмурияти омон қолганларни топиш учун кенг кўламли қутқарув операциясини олиб бормоқда, топилганларнинг аксарияти оғир аҳволда.

“Биринчи ҳисоб-китобларга кўра, Ле-Портель ҳудудида қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида ўн икки нафар муҳожир ҳалок бўлган”, деб ёзади нашр. 

Коммуна мэри Оливер Барбарин қутқарув вертолётлари у ерга қўниши учун пляжни ёпишни буюрган. Воқеа жойида полиция, қутқарувчилар ва фавқулодда хизматлар ишламоқда. Воқеа жойига Франция Ички ишлар вазирлиги раҳбари Жеральд Дарманин ҳам бориши кутилмоқда. Жароҳатланганлар Булонь-сюр-Мердаги шифохоналарга етказилмоқда.

Маълумот учун, ноқонуний муҳожирлар кўпинча Буюк Британияга кириш ва қочқин мақомини олиш учун ҳар қандай имкониятни ишга солади. Бу уларга молиявий имтиёзлар ва ижтимоий дастурлардан фойдаланишга имкон беради. 2022 йил август ойида мамлакат миграция оқими бошланганидан бери рекорд миқдордаги ойлик чегара бузилишини қайд этган. 13 500 дан ортиқ ноқонуний муҳожир Ла-Манш бўғози орқали ўтган.

2022 йилда Буюк Британияга келган муҳожирларнинг умумий сони рекорд 45 000 нафарга етган. 2023 йилнинг ўзида мамлакатга 30 мингга яқин муҳожир келган, оқибатда Буюк Британия ҳукумати қочқинларни меҳмонхоналарга жойлаштириш учун кунига бир неча миллион фунт стерлинг сарфлашига тўғри келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Чаноққалъа вилоятида ноқонуний муҳожирларни олиб кетаётган резина қайиқнинг чўкиб кетиши оқибатида 22 киши ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мигрант қайиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг