Муҳожирлар қайиғи чўкиб кетиши оқибатида 139 киши ҳалок бўлди
World
−
09:18 1666 2 minutes
Жибути қирғоқлари яқинида 305 нафар муҳожирни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида 139 киши, жумладан, 15 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 8 октябридан 9 октябрига ўтар кечаси содир бўлган. Қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида 139 киши, жумладан, 15 нафар бола ҳалок бўлган. Шунигдек, яна 84 киши бедарак йўқолиб, 82 киши омон қолган.
Омон қолганларнинг айтишича, Жибутидан Яманга йўл олган қайиқ мамлакат шимолидаги Обок шаҳарчаси яқинида, Гуҳер ҳудуди соҳилларида ҳалокатга учраган. Омон қолганларнинг барчаси Эфиопия фуқаролари бўлган.
Халқаро миграция ташкилоти ушбу ҳодисани Африка шохи ва Арабистон яримороли ўртасидаги шарқий миграция йўналишида юз берган энг йирик ҳалокатлардан бири деб атади.
“Бу инсонлар ҳаётининг даҳшатли йўқотилишидир. Омон қолганлар, яқинларини йўқотган оилалар ва қариндошлари ҳақида ҳануз хабар кутаётган инсонларга ҳамдардлик билдирамиз”, деган ташкилотнинг Жибутидаги миссияси раҳбари Александр Куассак.
Ҳозирда Жибути расмийлари бедарак йўқолганларни қидириш ва қутқариш ишларини давом эттирмоқда. Халқаро миграция ташкилоти эса Обок шаҳридаги ёрдам марказида 64 нафар омон қолганга тиббий, руҳий ва озиқ-овқат ёрдами кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, шарқий миграция йўналиши дунёдаги энг гавжум ва хавфли йўллардан бири ҳисобланади. Ҳар йили юз минглаб одамлар, асосан, Эфиопия ва Сомали фуқаролари Форс кўрфази мамлакатларига, хусусан, Саудия Арабистонига етиб бориш учун шу йўлдан фойдаланади. Айримлар можаролар ва табиий офатлар сабабли ўз юртини тарк этса, бошқалар иш топиш ва яхши яшаш шароитига эришиш мақсадида сафарга чиқади.
Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йилда ушбу йўналишда 900 дан ортиқ киши ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Шу даврда мазкур йўл орқали сафарга чиққанлар сони 18 фоизга ошган. Жорий йилнинг март ойида ҳам муҳожирлар қайиғи чўкиб кетиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлган, 45 киши бедарак йўқолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зимбабвенинг Кариба кўлида паромнинг ағдарилиб кетиши оқибатида 94 киши вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All