Мигрантлар камситилган рейдда ўзбекистонликлар ҳам бўлгани айтилди
Олам
−
24 Январь
7251Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қурилиш майдонларининг бирида рейд ўтказилгани ва унда бир гуруҳ муҳожирларнинг эмаклаб юришга мажбурлангани акс этган видеолар тарқалганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлганини маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 17 январь куни Екатеринбург шаҳрида жойлашган қурилиш майдонларининг бирида содир бўлган. Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари қурилиш объектларида ишлаётган мигрантларга рейд ўтказган ва уларга нисбатан ғайриинсоний усулларни қўллаб, камситган.
Билдирилишича, ушбу қурилиш ишларида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари вақтинча ишлаб келган. Рейд давомида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган. Сўнгра улар патентсиз меҳнат фаолиятини амалга ошираётгани сабабли суднинг қарори асосида Екатеринбург шаҳри Горнистов 15/4-уйда жойлашган Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилган.
Ўзбекистон фуқароларининг сўзларига кўра, эмаклаб юришга мажбурланган мигрантлар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қурилиш биносига кирган вақтда қочишга ҳаракат қилган. Аммо бинонинг орқа томонидан қочётган вақтида қўлга олинган. Фуқароларнинг ушбу ҳаракатларига жавобан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уларни ўтириб юришга мажбур қилган.
“Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан назоратга олинган ҳамда юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа шаклдаги ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, дастлаб ушбу ҳодиса юзасидан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийларига мурожаат йўллаганди. Сўнгра Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳам Федерация Омбудсманига мурожаат жўнатганди.
LiveБарчаси