Мейвезер кимга қарши рингга кўтарилаётганини маълум қилди

Спорт 3034
image

Америкалик боксчи Флойд Мейвезер 2021 йилнинг 20 февраль куни машҳур видеоблогер Логан Пол билан кўргазмали жанг ўтказади. Боксчи бу ҳақда Instagram’даги ўз саҳифасида маълум қилди.

Мазкур жанг қаерда ўтиши ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

43 ёшли Мейвезер барча даврларда энг кўп маош оладиган боксчи ҳисобланади. 2015 йил 2 майда бўлиб ўтган филиппинлик Мэнни Пакьяо билан жанг учун у бокс тарихида рекорд маош олди – 210 миллион доллар. Норасмий маълумотларга кўра, Конор Макгрегор билан жанг учун 275 миллион доллар олган. 2018 йил июль ойида “Forbes” журнали энг кўп маош оладиган машҳурлар рўйхатида Мейвезерни биринчи ўринга қўйган эди.

Мейвезерда 50 ғалаба (27 та нокаут) бор. У профессионал боксда бир марта ҳам мағлубиятга учрамаган. У бешта вазн тоифасида жаҳон чемпиони ва 1996 йилги Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби ҳисобланади. 2017 йилда карьерасини якунлаганини эълон қилган эди.

Машҳур видеоблогер Полнинг ҳам катта рингда биринчи жанг ўтказиши эмас. У машҳур видеоблогер KSI’га қарши иккита бокс учрашувини ўтказган. Биринчи жанг 2018 йилнинг февраль ойида дуранг билан тугаган бўлса, 2019 йил сентябрда ўтган иккинчи жанга ҳакамлар KSI’нинг ғалабасини қайд этишган.

Аввалроқ, Мейвезер катта рингга қайтаётганини, аммо унинг рақиби кимлиги номаълум эканлигини маълум қилган эди. Унинг қайтиши 28 февраль куни Япониядаги "Токио Доум" аренасида ўтказиладиган шоунинг бир қисми бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 2.9
t
×