Meta компанияси 11 000 дан ортиқ ходимларини ишдан бўшатади

Технология 4483
image

Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Meta компанияси 11 минг ходимни ишдан бўшатади. Бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни компания раҳбари Марк Цукерберг маълум қилди.

“Мен жамоамиз сонини тахминан 13 фоизга қисқартиришга ва 11 000 дан ортиқ иқтидорли ходимларимизни ишдан бўшатишга қарор қилдим. Шунингдек, биз харажатларни қисқартириш ва ишга қабул қилиш муддатини биринчи чораккача узайтириш орқали янада тежамкор ва самаралироқ компания бўлиш учун бир қатор қўшимча қадамларни қўймоқдамиз”, дейди Цукерберг ходимларга йўллаган очиқ хатида.

Унинг сўзларига кўра, қисқартиришлар коронавирус пандемиясидан кейин интернет-бозор истиқболларини нотўғри баҳолаш билан боғлиқ.

"Дастлаб COVID тарқалганида дунё тезда онлайн режимга ўтди ва электрон тижоратнинг ўсиши даромаднинг ҳаддан ташқари ўсишига олиб келди. Кўпчилик бу пандемия тугаганидан кейин ҳам давом этадиган доимий тезлашув бўлишини башорат қилган. Мен ҳам шундай қилдим, шунинг учун мен инвестицияларимизни сезиларли даражада оширишга қарор қилдим. Афсуски, ишлар мен кутгандек бўлмади”, деб тушунтирган Цукерберг .

Шунингдек, компания раҳбари онлайн савдо аввалги тенденцияларга қайтгани ва макроиқтисодий таназзул, рақобат кучайиши ва реклама бозорининг пасайиши компания даромадининг камайишига олиб келганини айтиб ўтган.

Цукерберг барча ишдан бўшатилган ходимлар 16 ҳафта давомида маош олишларини, уларга олти ой ичида тиббий суғурта учун тўланишини, шунингдек, қисқартирилгандан кейинги дастлабки уч ойда ишга жойлашишда ёрдам беришларини ваъда қилган.

Фарангиз Салимова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 3
t
×