Месут Ўзил “Фенербахче”га ўтишга рози. У Эрдўғанга қўшни бўляпти
Спорт
−
06 Январь 2021
7453"Арсенал" футболчиси Месут Ўзил Туркиянинг "Фенербахче" жамоасига ўтишга рози бўлди. Бу ҳақда "Фенербахче" раҳбари Али Коч маълум қилди.
Қайд этилишича, 32 ёшли футболчи "Фенербахче" билан уч йиллик шартнома имзолашга тайёр ва томонлар унинг трансфери тўғрисида аллақачон келишиб олишган.
Бундан аввал Ўзил Американинг “D.C. United” клубида фаолиятини давом эттириш таклифини рад этган.
2020 йилнинг октябрь ойида ярим ҳимоячи АПЛ мавсуми учун "Арсенал" таркибига киритилмаганлиги маълум бўлди. Ўзил лондонликлар сафида март ойидан бери ўйнамаяпти. Декабрь ойи охирида Ўзил вакиллари унинг "Ювентус"га ўтиши тўғрисида музокара олиб бораётгани ҳақида хабар тарқалди.
Қайд этилишича, Месут Ўзил "Фенербахче" билан 3,5 йиллик шартнома имзолайди. Лиганинг иккинчи ярми маошини “Арсенал” тўлайди. Футболчи "Фенербахче"да йилига 5 млн маош олади. Ўзилнинг “Арсенал” билан тузган шартномаси 2021 йилнинг ёзига қадар давом этади.
Маҳаллий ОАВнинг маълумотларига кўра, Ўзил Истанбулда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга қўшни бўляпти.
Эслатиб ўтамиз, Месут Ўзил Германия терма жамоасидаги фаолиятини 2018 йилнинг ёзида Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг якунлаган эди. Унинг бу қарорга келишига мундиалгача Ўзилнинг Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашганини немис мухлислари ва Германия футбол иттифоқи раҳбариятининг кескин танқид қилгани сабаб бўлган эди.
Маълумот учун, Месут Ўзил жорий йилнинг 7 июнь куни ўз тўйини Истанбул шаҳрида ўтказган эди. Тўйда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Эмина Эрдўған иштирок этиб, гувоҳлик қилган.