Мессининг 17 йиллик анъанасига чек қўйилди

Спорт 11273
image

Аргентина терма жамоаси ва ПСЖ клуби футболчиси Лионель Месси 2005 йилдан бери илк бор “Олтин тўп”га номзодлар қаторига киритилмади.

Қайд этиш керакки, “France Football” 2021 йилги совринни Мессига бергач, жаҳон футболи жамоатчилигида кескин норозилик кайфияти пайдо бўлганди. Чунки кўпчилик айнан ўша йилда польшалик ҳужумчи Роберт Левандовскини “Олтин тўп”га асосий даъвогар сифатида кўраётганди. Шунингдек, ташкилотчилар 2021 йилги “Олтин тўп”ни топшириш маросимига Криштиану Роналду келмаганининг сабаби ҳақида турли-хил ёлғонлар тўқиб чиқарди. Гўёки, Роналду Мессига бўлган нафрати туфайли маросимга келмаган. Бироқ 37 ёшли футболчи бу хабарларни кескин рад этганди.

Юқоридаги иккита сабаб “Олтин тўп”нинг футбол оламидаги энг нуфузли шахсий соврин сифатидаги обрўсига жиддий таъсир кўрсатди. Албатта, ушбу вазиятдан FIFА унумли фойдаланиши керак эди ва улар амалда ҳам шундай қилишди. Ташкилотнинг йил футболчисига бериладиган “Тhe Best” мукофоти Мессига эмас, Роберт Левондовскига насиб этди. “France Football”нинг бўҳтонларидан аламзада бўлган Роналду учун ҳам махсус соврин ўйлаб топилди. FIFА'нинг жавоб зарбаси “France Football”нинг тушиб кетган обрўсини яна-да ер қилди. 

Шундан сўнг, нашриёт “Отин тўп” мутлақо шахсий соврин бўлиши ҳақидаги баёнот билан чиқди. Яъни, бундан буён “Олтин тўп”ни ютиш учун жамоавий натижалар эмас, шахсий кўрсаткичлар асосий ролни ўйнайдиган бўлди. Месси эса ўтган мавсум Франция чемпионатида 26 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 15 та голли узатма амалга оширди. Бу унга “Олтин тўп”га даъвогар 30 та футболчининг ичига киришига имкон бермади.

Шунингдек, Месси “Олтин тўп”нинг ютганидан сўнг, келаси йили номзодлар қаторига киритилмаган 3-футболчига айланди. Леодан олдин Марко ван Бастен (1993) ва Лука Модрич (2019) “Олтин тўп”ни ютган. Аммо улар келаси йилда даъвогарлар қаторидан ҳам жой олмаган. Мессининг рақобатчиси Криштиану Роналду эса 2005 йилдан буён кетма-кет “Олтин тўп” учун номзодлар қаторидан жой олиб келмоқда. Бу натижа бутун дунё бўйича мутлақ рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Маълумот учун, Лионель Месси 7 та “Олтин тўп”ни ютган бўлса, Криштиану Роналду ҳисобида 5 та соврин бор.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 487
Рейтинг: 3
t
×