Месси ва Роналду бирга ўйнайдиган учрашув санаси аниқ бўлди
Спорт
−
3241 2 дақиқа
Аргентина ва Португалия терма жамоаларининг собиқ ҳужумчилари Лионель Месси ва Криштиану Роналду бирга ўйнайдиган Карлос Тевеснинг хайрлашув учрашуви жорий йилнинг 20 декабрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Infobae” хабар берди.
Тевеснинг хайрлашув ўйини жорий йилнинг 20 декабрь куни “Бока Хуниорс”нинг уй стадионида бўлиб ўтади. Унга футболчи ўзининг бирга ўйнаган собиқ жамоадошларини таклиф қилган. 42 ёшли аргентиналик мутахассис “Infobae” нашрига берган интервьюсида бир қатор футболчиларни, жумладан, терма жамоадаги собиқ шериги Месси ва “Манчестер Юнайтед”да бирга тўп сурган Роналдуни ҳам таклиф қилганини тасдиқлади. Тевес Месси билан Аргентина терма жамоасида, Роналду билан эса “Манчестер Юнайтед”да бирга ўйнаган.
Тадбир ташкилотчиларининг бири Мессининг учрашувда иштирок этишини аллақачон тасдиқлаган. Шунингдек, баҳсда аргентиналик Серхио Агуэро, Мартин Палермо, Леандро Паредес, Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Рио Фердинанд ҳамда Италия терма жамоасининг собиқ дарвозабони Жанлуижи Буффон ҳам қатнашади.
Тевес фаолияти давомида “Бока Хуниорс” ва “Манчестер Юнайтед”дан ташқари, Бразилиянинг “Коринтианс”, Англиянинг “Вест Хэм” ва “Манчестер Сити”, Италиянинг “Ювентус” ҳамда Хитойнинг “Шанхай Шеньхуа” клубларида тўп сурган.
Маълумот учун, Карлос Тевес Аргентина миллий терма жамоаси сафида 76 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол урган. 2004 йилда Афинада ўтказилган Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган. Тевес 2022 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган.
Live
БарчасиГавайидаги Килауэа вулқони отилди
27 Ноябрь