Месси туфайли Аргентина Президенти спорт мансабдорини ишдан олди
Спорт
−
18 Июль
21705Аргентина Президенти Хавьер Милей спорт департаменти раҳбари ўринбосари Хулио Гаррони ишдан бўшатди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати Х саҳифасида маълум қилди.
Гап шундаки, Гарро Лионель Месси мамлакат терма жамоаси ўйинчиларининг Франция терма жамоаси футболчиларига нисбатан ирқчиликка асосланган ҳақоратлари учун узр сўраши кераклигини айтган.
Президент матбуот хизматига кўра, ҳеч бир ҳукумат жаҳон чемпиони ва Америка Кубогининг икки карра ғолибига Аргентинадаги бошқа фуқаролар каби нима дейиш, нима ўйлаш ёки нима қилиш кераклигини айтолмайди. Шу сабабли Хулио Гарро бундан буён спорт департаменти раҳбари ўринбосари сифатида фаолият олиб бормайди.
Ўз навбатида, “Urbana Play” радиосига берган интервьюсида Гарро бу ҳолатда терма жамоа сардори, Аргентина футбол ассоциацияси президенти каби кечирим сўраши керак, деб ҳисоблашини билдирди.
Аргентиналик футболчилар Колумбия устидан ғалаба қозонган Америка Кубоги финалидан сўнг, ижтимоий тармоқларда Франция терма жамоаси футболчиларига нисбатан ирқий ҳақоратли қўшиқ янграган видеони жойлади.
Видеони чоп этган Аргентина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес узр сўради. Франция футбол федерацияси эса ҳолат юзасидан FIFA билан боғланиш ниятида. Фернандес ўйнаётган Англиянинг “Челси” клуби ҳам футболчининг ҳаракатини қоралади.
LiveБарчаси