Меркель яна Россия ва Украина ўртасига тушиши мумкин
Олам
−
19 Декабрь 2023
7330Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель Россия Президенти Владимир Путин билан Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокараларда воситачиликка номзод бўлиши мумкин. Бу ҳақда Vermont халқаро мактаби профессори Брюс Дейтон “The Hill” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Профессорнинг фикрича, Ғарб Меркелни воситачи сифатида кўриши керак, чунки у аввалроқ Путин билан мулоқот қилиш тажрибасига эга эди. Бундан ташқари, собиқ канцлернинг Германиянинг амалдаги ҳукумати билан бевосита алоқаси йўқ.
"Баъзида можарони ҳал қилиш учун ушбу ишончли хонимнинг аралашуви керак бўлади", дея қўшимча қилган Дайтон.
Экспертнинг қайд этишича, Ғарб давлатлари Москва билан норасмий музокаралар ташкил этиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши керак. Унинг фикрича, шу йўл билан расмий музокараларни бошлаш учун тил топишиш мумкин.
Шунингдек, профессор АҚШ Президенти Жо Байденнинг позициясини муваффақиятсиз деб атади. Дейтоннинг сўзларига кўра, Европада тинчлик ўрнатиш учун Ғарб учинчи томондан ёрдам сўраши керак.
Маълумот ўрнида, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича воситачилик қилишга тайёрлигини маълум қилганди.
Россия ҳам бир неча бор Украина билан музокараларга очиқлигини айтган. Бироқ, Президент матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлаганидек, Украина расмийлари музокараларни "мутлақо инкор этмоқда". Кремль вакили Киев сиёсий ирода кўрсатмаётгани ва Москва билан мулоқотга киришмаётганига эътибор қаратган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Яқин Шарқдаги можарода “ҳалол воситачи” ролини ўйнамоқчи эканлиги ҳақида маълум қилган эдик.
LiveБарчаси