Меркель Байденнинг қўнғироғини рад этган – ОАВ

Олам

image

Жо Байден 2021 йил январь ойида АҚШ Президенти лавозимига киришганидан сўнг, телефон орқали биринчи бўлиб Германия канцлери Ангела Меркель билан гаплашишни хоҳлаган. Меркель эса телефон қўнғироғини рад этган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар бермоқда. 

Жо Байден 20 январь куни АҚШ Президенти лавозимига киришган. 

“Январь ойида Оқ уйга кўчиб ўтгандан сўнг, Президент Байден чет эл раҳбарига биринчи қўнғироғи Ангела Меркелга бўлишига қарор қилди, бу Трамп (АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп — таҳр.) даврининг беқарорлигидан кейин трансатлантик барқарорликка қайтишдан дарак берарди. Германия канцлерининг эса бошқа режалари бор эди. У жума куни (22 январь — таҳр.) тушдан кейин қўнғироқ қилиш таклифини рад этди, чунки у Берлиндаги уйига жўнаб кетиши керак эди”, дейилган хабарда. 

Таъкидланишича, Меркель Америка томонининг рамзий ҳаракатларини ноўрин деб рад этиб, ёрдамчиларидан бошқа учрашувни режалаштиришни сўраган. Натижада, суҳбат 25 январь куни, канцлер ишга қайтганида амалга оширилган.  Байден қўнғироқ қилган биринчи одам эса Канада Бош вазири Жастин Трюдо бўлган. АҚШ Президенти 23 январь куни у билан гаплашган. 

Маълумот ўрнида, Aнгела Меркель жорий йилнинг 26 сентябрига белгиланган умумий сайловлардан сўнг, 2005 йилдан буён эгаллаб турган Германия канцлери лавозимини тарк этади. Чунки у ушбу сайловда ўз номзодини илгари сурмасдан, сиёсатдан кетиш нияти борлигини айтган.

Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден яқинда бўлиб ўтган телефон суҳбатида Хитой раиси Си Цзиньпинга саммит ўтказишни таклиф қилгани, аммо Хитой раҳбари буни рад этгани айтилганди. Байденнинг ўзи эса бу хабарни нотўғри деганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Меркель Байден

Баҳолаганлар

183

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг