Мен тарихдаги энг зўр футболчиман – Роналду
Спорт
−
04 Февраль
6681Португалия терма жамоаси ва “Ал-Наср” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду нега ўзини тарихдаги энг яхши футболчи деб билишини тушунтирди. Бу ҳақда у “La Sexta” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Мухлисларга Месси, Пеле ёки Марадона каби футболчилар ёқиши мумкин ва мен буни ҳурмат қиламан. Лекин мен улардан кўра мукаммалроқ футболчиман. Мен футбол тарихидаги энг яхши ўйинчиман. Бу борада ўзимдан-да яхшисини кўрмадим. Бош билан зарба йўллай олиш, жарима зарбаларини голга айлантира олиш қобилиятига эгаман. Тезкор ва жисмонан кучлиман ҳамда баланд сакрай оламан”, дейди Роналду.
Маълумот ўрнида, Криштиану Роналду 5 карра Европа Чемпионлар лигасида зафар қучган. Бундан ташқари, у 5 марта “Олтин тўп” совринини қўлга киритган. Португалия терма жамоаси билан эса 2016 йилда Европа чемпиони ва 2019 йилда UEFA Миллатлар лигасида ғолиб чиққан.
5 февраль куни 40 ёшни қарши оладиган футболчи айни дамга келиб, фаолиятини Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клубида давом эттирмоқда. Кеча, 3 февраль куни Роналду ОЧЛ Элит лигаси доирасида “Ал-Наср” ва “Ал-Васл” ўртасидаги баҳсда дубль қайд этди. Учрашув 4:0 ҳисобида саудияликлар фойдасига ҳал бўлди. Шунингдек, Роналду ушбу иккита голи билан ҳисоблаганда умумий фаолиятидаги 923-голини урди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Лионель Месси ўзи кўрган футболчилар орасида энг яхшиси ким эканлигини айтганди.
LiveБарчаси