Бу ифлос меросни авлодларга ҳисоб-китобсиз қолдиришга қаршиман – Эмина Эрдўған

Олам

image

Кеч қолдик. “Қўрқма, яқинда ўламиз”, деб ака-укаларига тасалли бераётган, тобутдан хавфсизроқ жойни билмайдиган болалар учун кеч қолдик. “Катта бўлганингда ким бўласан?” деган саволга “Биз катта бўлмаймиз” деб жавоб берган болалар учун жуда кечикдик. Биз бугун бомбалардан қочиш, ярадорларни замбилда кўтариш, вайроналар қазиш ва шаҳид болаларни хотирлаш учун йиғилганимиз йўқ. Бугун шу ерда эканмиз, демак биз “аммо” ва “нега”ларсиз сулҳ талаб қиламиз. Бу гапларни кеча, 15 ноябрь куни дунё давлатлари президентлари ва ҳукумат раҳбарларининг рафиқаларини Истанбулга тўплаб, “Фаластин учун ягона юрак” саммитини ташкил этган Туркия Президентининг рафиқаси Эмина Эрдўған ўз нутқида айтиб ўтди. 

“Хаёлимга ҳамма нарса келиши мумкин эди, лекин бир кун келиб урушларда номаълум аскарлар учун қўлланиладиган "номаълум аскар" тушунчасини болалар учун ишлатамиз, деб ҳеч ўйламагандим”, дейди Эмина Эрдўған.

Биринчи хоним Эрдўған, тарих давомида бошдан кечирган даҳшатли қурбонлик туфайли ўзи учун халқаро қонунийлик майдонини очган давлат (Исроил), уларга нисбатан ҳис этилган айбдорлик психологияси билан ўнлаб йиллар давомида эркалаб келаётган халқаро тизимнинг сўнгги 40 кун ичида қандай йиртқич ҳайвонга айланганига гувоҳ бўлинаётганини билдирди. 

“Аш-Шифа” шифохонасида ишлайдиган шифокор, “Энг оғири, қурбон бўлган норасиданинг танасига “номаълум бола” деб ёзишдир”, деди. Бу Ғазо болаларининг даҳшатини ифода этмоқда. Ғазо – бугун номаълум болалар шаҳри. Мен она, аёл, инсон сифатида бундай ифлос меросни кейинги авлодларга ҳисоб-китобсиз қолдиришдан бош тортаман. Мен Исроил давлатининг барча тегишли аъзоларини содир этган барча уруш жиноятлари учун Халқаро жиноий судга тортишларини талаб қиламан. 

Фаластиндаги бугунги пост-модерн ҳолокост (яҳудийларнинг таъқиб қилиниши ва оммавий қирғин қилиниши – 1933—1945 йиллар – таҳр.) ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқининг кўриниши деб даъво қилганлар ҳам худди шундай жавобгарликка тортилиши керак, деб ҳисоблайман. Энди ҳеч ким бу кулгили гаплар билан дунёнинг виждонли одамларини аҳмоқ қилмаслиги керак”, дейди Туркия биринчи хоними.

Эслатиб ўтамиз, Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир, Сенегал Президенти Маки Санинг рафиқаси Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбенинг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Эмина Эрдўған Фаластин учун ягона юрак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг