Мексикада трассадан бир қоп бошсиз жасад топилди
Олам
−
14 Октябрь
11603Мексика Миллий гвардияси ходимлари Халиско штатида Лагос-де-Морено ва Сан-Луис Потоси шаҳарлари ўртасидаги йўлда бешта бошсиз жасад топди. Жасадлар қора полиэтилен халталарга ўралган ҳолда топилган. Шунингдек, яна бир бошқа қопда уларнинг бошлари бўлган, аммо уларнинг ёшини аниқлаш ҳозирча имконсиз. Бу ҳақда “Expansion politica” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Халиско штатида бир ойдан ортиқ вақт давомида картеллар (даромадини ошириш ва бозорда ҳукмронлик қилиш учун бир-бири билан тил бириктирадиган мустақил бозор иштирокчилари гуруҳи) ва қудратли тузилмалар ўртасидаги тўқнашувлар ҳамда вандаллик ҳаракатлари давом этмоқда. Бу вазият АҚШда наркобарон Хоакин Гусманнинг ўғли Хоакин Гусман Лопес ва Синалоа картелининг асосчиси Исмаэль Замбада Гарсиянинг қўлга олинишидан кейин бошланган.
Маҳаллий ОАВга кўра, тўқнашувлар Хоакин Гусманнин фарзандлари бошчилигидаги Лос-Чапитос ва яқинда қўлга олинган Исмаэль Замбада Гарсия раҳбарлигидаги Лос-Майос картелининг икки гуруҳи ўртасида кечмоқда.
Қайд этилишича, мамлакатда жамоат тартибини сақлаш учун армия ва миллий гвардиянинг катта контингенти жалб қилинган. Хусусан, Мексика Мудофаа вазири Луис Кресенсио Сандовалнинг сўзларига кўра, Синалоа штати пойтахти Кульяканда жамоат тартибини таъминлаш учун 2,2 минг аскар ва турли қуролли кучлар ходимлари жойлаштирилган. “Espejo” журнали ҳисоботида келтирилишича, ўтган бир ойда бу тўқнашувлар оқибатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 234 киши бедарак йўқолган.
Халиско штатидаги зўравонликлар эса асосан Мексиканинг энг кучли ва шафқатсиз жиноий гуруҳларидан бири бўлган “Халиско янги авлод картели” (CJNG) билан боғланмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари оралиғида Халиско штатида 1 415 киши ўлдирилган. Бутун Мексика бўйича эса 2006 йилда ҳукумат армияни наркотрафикка қарши курашга жалб қилганидан буён 450 000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган ва минглаб одамлар эса бедарак йўқолган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Герреро штатидаги Чильпансинго шаҳрининг мэри Алехандро Аркос лавозимга киришганидан бир ҳафта ўтмай калласи танасидан айрилган ҳолда топилган эди. Маҳаллий ОАВ унинг боши пикап юк машинасининг капотидан чиққанини хабар қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь