Медведчук собиқ Президентга қарши кўрсатма берди

Олам 11137
image

Украина Хавфсизлик хизмати мухолифатчи Виктор Медведчукнинг  собиқ Президент Пётр Порошенкога қарши кўрсатма берган видеосини эълон қилди. 

Видеода Медведчукнинг таъкидлашича, Порошенко унга “қувур сотиб олиш” илтимоси билан мурожаат қилган. Гап Россиядан Украина ва Европага дизель ёқилғиси етказиб берувчи “Транснефть” компаниясининг қувур линияси ҳақида кетмоқда.

“Транснефть” бу қувурни сотиши учун Россия Президенти Владимир Путин билан гаплашишимни сўраб, у менга мурожаат қилди”, дейди Медведчук. 

Таъкидланишича, қувур Порошенконинг мулкига айланиши учун “Транснефть” ҳуқуқларига суд орқали эътироз билдириш керак бўлган. Медведчукнинг сўзларига кўра, бунинг учун Порошенко маъмурий ресурсдан фойдаланган. 

Унинг сўзларига кўра, қувур Порошенкога 23 миллион долларга тушган. Шу билан бирга, йил давомида дизель ёқилғисини қуйишдан тушган даромад 41-42 миллион долларни ташкил этган. 

Шунингдек, Медведчук тан олинмаган Донецк халқ республикасидан кўмир сотиб олиш мавзусига тўхталган. Унинг сўзларига кўра, РФ Россия Федерациясида сотиб олинган 2 тонна кўмир учун Украина Донбассдан 1 тонна кўмир сотиб олишини талаб қилиб, “квота” жорий қилган. 

“Порошенко ўз қўл остидагилар — Демчишина, Гонтарева ёрдамида Украинада ушбу кўмир сотилиши керак бўлган тизимни қурди”, деган Медведчук. 

Унинг сўзларига кўра, дастлаб улар ДХРдан кўмирни банк ўтказмаси орқали тўлашни режалаштиришган. Аммо бундай тўлов усули мумкин эмаслиги таъкидланган. Шундан сўнг нақд пул тўлашга қарор қилинган. 

Маълумот ўрнида, Украина Хавфсизлик хизмати жорий йил апрелда Медведчук Президент Владимир Зеленский топшириғига кўра ҳибсга олинганини эълон қилди. Кейинроқ Зеленский Россияга Медведчукни асирга олинган Украина фуқароларига алмаштиришни таклиф қилди. Россия Федерацияси Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Кремль Медведчук тақдирини кузатиб боради ва европалик сиёсатчиларни ҳам шунга ундайди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 351
Рейтинг: 3
t
×