2019 йилдан буён Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 531 нафар репатриант Ўзбекистонга қайтарилди – Ботир Турсунов
Жамият
−
04 Сентябрь
9450Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган ШҲТ ва МДҲ тузилмалари иштирокидаги халқаро конференциясида Давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Ботир Турсунов нутқ сўзлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ботир Турсуновнинг сўзларига кўра, мустақил тараққиёт йилларида дунёнинг бошқа мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ҳам терроризм ва экстремизмнинг турли шаклларига дуч келган.
“Хавфсизликнинг бу таҳдидларига қарши курашиш бизга бу соҳада миллий андозани шакллантириш имконини берди. Айни пайтда, терроризм ва экстремизмга қарши ёндашувимиз такомиллашмоқда, биз янги чақириқ ва таҳдидларга мослашяпмиз”, деган ДХХ раиси ўринбосари.
Қайд этилишича, 2021-2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши бу борада бурилиш бўлган.
“Экстремистик ғояларнинг собиқ ва салоҳиятли тарафдорлари билан ижтимоий ва психологик ишлаш, уларни ўқитиш, иш билан таъминлаш, умуман, ўз қобилиятларини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай ўзгариш ва ёндашув юксак натижаларни бериб, халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлмоқда”, дея таъкидлаган генерал-майор Турсунов.
Бундан ташқари, ДХХ расмийси “Меҳр” операциялари доирасида уруш нуқталаридан олиб келинган фуқароларнинг айримлари замонавий турмуш тарзида, айримлари эса анъанавий Ислом динига эътиқод қилишини маълум қилган.
“2019 йилдан буён 5 та “Меҳр” гуманитар акциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 531 нафар репатриант Ўзбекистонга қайтарилди. Уларга ижтимоий, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Натижада, бугунги кунда репатриантларнинг 90,2 фоизи замонавий турмуш тарзини олиб бормоқда, 9,8 фоизи анъанавий ислом динига эътиқод қилади”, дейди ДХХ раиси ўринбосари Ботир Турсунов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ конференцияда ДХХ раиси генерал-лейтенант Абдусалом Азизов ҳам сўзга чиқиб, “Хуросон вилояти”га қарши курашда Афғонистонга ёрдам кўрсатиш муҳимлигини айтганди.