Меҳнат вазирлиги эмланмаган ходимларни ишдан четлатиш тартибини тушунтирди

Жамият 6287
image

Меҳнат қонунчилигига асосан иш берувчиларга вакцина олмаган ходимларини ишдан четлаштириш ҳуқуқи берилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эмланмаганлик учун ишдан четлатиш тартибини тушунтирди.

Қайд этилишича, Меҳнат кодексининг 113-моддасида, карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.

Қонунчилик меъёрларини тўғри, аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида тавсиявий характердаги тушунтириш ишлаб чиқилган. 

Бунда, карантинли ва одам саломатлиги учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларни тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан ўтишни рад этиш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддаси 3-қисмига асосан ходимни ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришга асос бўлади.

Иш берувчи, карантин ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларни тарқалиши таҳдиди муносабати билан эмлашдан ўтиш мажбурияти юзасидан касаба уюшма билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички меҳнат тартиб қоидалари, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатларга қўшимча киритиши лозим.

Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришдан аввал ходимдан эмлашни рад этиш бўйича ёзма ариза олинади. Агар ходим ёзма ариза беришдан бош тортса, ходимнинг эмланишни рад этганлик ва бу бўйича ариза беришдан бош тортганлиги юзасидан далолатнома тузилади. Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ билан ходим имзо қўйган ҳолда таништирилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош санитария врачининг қарорига асосан профилактик эмлашлар ўтказиладиган шартлар олиб ташлангунча, аммо, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган битта профилактик тадбир бўйича жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмайди.

Ходим ишдан четлаштирилган бўлса, иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, меҳнат интизоми тўғрисидаги низом ва уставлари, ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланган ишдан четлаштиришнинг максимал муддати давомида, тиббий қаршиликлар бўлмаганда эмлашдан бош тортган ходимларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ интизомий жазо қўлланилиш чоралари назарда тутилиши мумкин.

Ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра профилактик эмлашдан ўтишни рад этадиган қарши кўрсатма мавжуд бўлганда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ ходим масофавий иш режимига ўтказилиши мумкин.

Карантин ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли кассалликларни тарқалиши таҳдиди муносабати билан эмлашдан ўтишни ташкиллаштириш иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Мазкур нормалар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган локал ҳужжатларда белгиланади.

Шу ўринда, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг emlash.uz ахборот тизимига интеграция орқали иш берувчиларнинг шахсий кабинетида “Коронавирусга қариш эмланганлар сони” ва “Коронавирусга қарши эмланмаган ходимлар рўйхати” юритилмоқда. Шунингдек иш берувчилар кесимида иш ходимларининг эмланганлик даражаси бўйича мониторинг олиб бориш имконияти мавжуд.

Маълумот учун, Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари ва бюджет ташкилотларида эмланишдан бош тортган жами 26 008 нафар шахслар ишдан вақтинчалик четлатилган. Яна 2 225 та холатда иш берувчига нисбатан жарима чораси, 175 та объектга нисбатан эса фаолиятини вақтинчалик муддатга тўхтатиш чораси қўлланилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 121
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×