Маймун чечагини қайси дори даволай олиши аниқланди

Олам

image

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи яқин ўтмишда Буюк Британия шифокорлари маймун чечаги инфекциясининг бир ҳолатини текомвиримат — одам чечагига қарши дори билан муваффақиятли даволаганини аниқлади. Олимларнинг хулосалари “Lancet” журналида чоп этилган мақолада эълон қилинган. 

“Ҳамкасбларимиз маймун чечаги эпидемиясининг илдизларини ва вирус қандай тарқалишини очишга уринаётган бир пайтда, биз ушбу касалликка қарши курашда ўтмишда қандай препаратлар қўлланган бўлиши мумкинлиги билан қизиқдик”, деган Ливерпуль университети илмий ходими Хью Адлер.

Бундай маълумотларни олиш учун Адлер ва унинг ҳамкасблари Буюк Британиянинг барча ҳудудларида хавфли юқумли касалликларни ўрганиш бўйича ихтисослашган марказлар томонидан сўнгги беш йил ичида тўпланган маълумотларни таҳлил қилган. Умуман олганда, ушбу марказлар мутахассислари 2018 ва 2021 йиллар оралиғида содир бўлган маймун чечаги инфекциясининг еттита ҳолатини қайд этган. Таҳлиллар шуни кўрсатганки, даволовчи шифокорлар касалликни иккита вирусга қарши дори — бринцидофовир ва текомвиримат билан бостиришга ҳаракат қилган. 

Биринчиси сувчечак билан курашиш учун яратилган, иккинчиси эса инсон чечаги вирусининг кўпайишини бостирадиган дунёдаги биринчи дори. Кейинги кузатишлар шуни кўрсатганки, бринцидофовир беморларга сезиларли енгиллик келтирмаган. Шу билан бирга, уни қабул қилиш жигарга юкни сезиларли даражада оширган, шунинг учун терапия тўхтатилган. Бундан фарқли ўлароқ, текомвиримат ножўя таъсирларни келтириб чиқармаган, шунингдек, ушбу дорини қабул қилган беморнинг соғлиғи тикланишини тезлаштирган. Адлер ва унинг ҳамкасбларининг фикрига кўра, бу дори маймун чечаги вирусига қарши курашиш учун ишлатилиши мумкинлигини кўрсатади. Олимларнинг умид қилишича, кейинги тажриба ва кузатишлар бу фаразни тасдиқлайди.

Европа учун янги вирус таҳдиди 

Бир қатор Ғарбий Европа давлатларида жорий йилнинг апрель ва май ойларида тарқалган маймун чечаги вируси бошқа қитъаларда ҳам аниқланган. Буюк Британиядан ташқари, сўнгги пайтларда Австралия, Бельгия, Германия, Испания, Италия, Канада, Португалия, АҚШ, Франция, Швейцария ва Швецияда ҳам инфекция ҳолатлари қайд этилган. 

Маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечаги эпидемияси учун ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

маймун чечаги

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг