Мавсумий грипп ва коронавирус биргаликда катта хавф келтириб чиқаради
Олам
−
10 Сентябрь 2020
10082Куз фасли кириб келиши билан, мавсумий касалликлар “ҳужум”га ўтади. Дунёда коронавирус пандемияси ҳукмронлик қилаётган пайтда одамлар, ўзларини нафақат COVID-19'дан, балки куз-қиш мавсумида учрайдиган бошқа грипп вирусларидан ҳам ҳимоя қилиши керак.
“Бир вақтнинг ўзида коронавирус ва грипп юқтириш жуда хавфли. У ўлим эҳтимолини кучайтириши мумкин", дейди олий тоифали оториноларинголог-шифокор Владимир Зайцев. Бу ҳақда "Известия" маълумот бермоқда.
У грипп пневмонияни янада оғирлаштириши ҳамда бронхлар ва ўпкада муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини эслатди.
Икки вируснинг бирлашиши содир бўлса, юрак-қон томир касалликлари пайдо бўлади ва бу соғлиқ учун ўта хавфли.
“Натижада одам иккита ўта ёқимсиз ва хавфли ҳолатни бошдан кечиради, танасига икки баравар босим тушади”, деди Зайцев.
Бир вақтнинг ўзида иккита инфекцияни юқтирганлик ўзини димоғда ноқулайлик, йўтал, бўғилиш ҳисси ва бошқа белгилар билан намоён қилади.
Мутахассиснинг фикрига кўра, заиф, кекса ва ҳаракатсиз одамлар бу хавфга кўпроқ мойил бўлишади. Яхши ухлаш ва спорт билан шуғулланиш организмдаги инфекцияни енгишга катта ёрдам беради.
Аввалроқ, Россиянинг Н.Ф. Гамалей номидаги миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази олимлари бир вақтнинг ўзида инсон организмида гриппга ва коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни яратишмоқчи эканлиги маълум қилинганди.
Тадқиқот маркази директори Александр Гинцбургнинг таъкидлашича, бундай вакцинани ишлаб чиқаришдан олдин клиник синовлар ўтказилади. Аммо бундай дорининг пайдо бўлиш вақти ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Рушанабону Султонова