Россия энди қўшма вакцина ишлаб чиқармоқчи 

Олам 6392
image

Россиянинг Н.Ф Гамалей номидаги миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази олимлари бир вақтнинг ўзида инсон организмида гриппга ва коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни яратишмоқчи. Улар шу мақсадга мўлжалланган, қўшма эмловчи восита яратишни режалаштирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Тадқиқот маркази директори Александр Гинцбургнинг таъкидлашича, бундай вакцинани ишлаб чиқаришдан олдин клиник синовлар ўтказилади. Унинг аниқлик киритишича, бундай дори пайдо бўлиш вақти ҳақида гапиришга ҳали эрта. 

Аввалроқ, 7 сентябрь куни Россия Федерациясининг собиқ бош санитария шифокори, Давлат Думаси депутати Геннадий Онищенко ҳозирги мавсумда хавф гуруҳидаги аҳоли, яъни, 80-90 миллион киши коронавирус инфекцияси ва гриппга қарши эмланиши кераклигини айтганди. 

Дунёдаги биринчи коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинаси 11 август куни рўйхатдан ўтказилди. Россия президенти Владимир Путин Н.Ф Гамалей номидаги миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина жаҳон амалиёти асосида рўйхатдан ўтказилганлигига ишонтирди. 

Маълумот учун, Ўзбекистон Россияда тайёрланган коронавирус “Спутник V” вакцинасини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев “Коммерсантъ” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган. Юсупалиев Ҳукумат вакцина сотиб олиш учун маблағ ажратиш имкониятларини кўриб чиқаётганини ҳам қўшимча қилган.

Рушанабону Султонова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 158
Рейтинг: 2.9
t
×