Mattel янги Barbie'ни тақдим этди
Маданият-санъат
−
04 Декабрь 2023
5166Mattel компанияси янги Barbie қўғирчоғини супермодель Клаудия Шиффер қиёфасида чиқарди. Бу ҳақда компаниянинг ўзи расмий саҳифасида хабар берди.
Билдирилишича, қўғирчоқ моделнинг 1994 йил Atelier Versace куз/қиш кўргазмасида кийган либосини акс эттиради.
“Биз Barbie учун Versace'нинг ўзига хос корсет кўйлакларидан илҳомланиб, жозибали либос яратдик. Қўғирчоқ Шиффернинг аёллик жозибасини Versace'нинг ҳашаматли нафислиги билан уйғунлаштиради”, деб изоҳ берди компания.
Шиффернинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида янги қўғирчоқ ҳақида пост жойлади.
"Barbie билан ўйнаган вақтларим менинг энг биринчи хотираларимдир. Мен Barbie бўлишни хоҳлардим. Орадан ярим аср ўтиб, Mattel менинг орзуйимни амалга оширди”, деб ёзган модель.
Компания жойлаган маълумотга кўра, ҳозирда янги Barbie 85 АҚШ доллари нархда сотувга чиқарилган.
Маълумот учун, бу компаниянинг қўғирчоқни машҳурлар қиёфасида биринчи чиқариши эмас. Бундан аввал ҳам моделлар Эшли Грэм, Жижи Ҳадид, Элли Голдштейн, Зендея ва бошқа бир қатор юлдузларнинг Barbie версиялари сотувга чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ёзида қўғирчоқнинг саргузашти акс этган “Barbie” фильми экранларга чиққанидан сўнг, Barbie қўғирчоқларининг савдоси сезиларли даражада ошганди.