Маст ҳолатда автомобиль бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

Жамият

image

Транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқариш ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 28 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида сўз борди. 

Йиғилишда депутатлар “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. 

Унда сўзга чиққан Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг маълум қилишича, қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексига 5 та қўшимча модда киритилиши назарда тутилмоқда. Булар  227-1, 228-2, 261-1, 261-2, 262-1-моддалари бўлиб, тегишлилиги бўйича қуйидагича:

•    автотранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рақам белгилари ва ёхуд идентицикация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки ундан фойдаланиш, шунингдек, уни қалбакилаштириш;

•    автотранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳамда тракторчи машинистларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, имтиҳонларни ўтказиш ва гувоҳнома бериш тартибини бузиш;

•    транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқариш ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаш;

•    транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс транспорт воситасини бошқариши;

•    сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузиш.

Мажлисда маълум қилинишича, сўнгги йилларда айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда. Жумладан, транспорт воситасини мастлик ҳолатда бошқариш билан ҳайдовчи ўзининг ҳаракатини англай олмаслиги оқибатида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспорт бошқариш маданиятига риоя қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан ҳурматсизлик, транспорт воситасини кескин бошқариш ҳамда бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган “агрессив бошқариш” ҳолатлари кўпаймоқда.

“Мазкур қонун лойиҳаси йўл ҳаракати иштирокчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишини таъминлаш ҳамда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади”, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборотида.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун билан Ўзбекистонда йўлларда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этилиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати қоидалари Бекмурод Абдуллаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made