Масофавий ишлаш ва ўқишга ўрганиш керак – Норбоева пандемия келаси йил ҳам давом этишига шаъма қилди

Жамият

image

Маълумки, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабаб 22 мартдан буён Республика махсус комиссиясининг талаби ва тавсиясига биноан кўплаб давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар масофавий иш режимига ўтди. Аммо Ўзбекистон қонунчилигида масофавий таълим, масофавий меҳнат ўз аксини топмагани учун бу жуда кўплаб қийинчиликларни туғдирди. Айни вақтда давом этаётган Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева ушбу масалани ўртага ташлади. 

“Карантин шароитида кўрдикки, қонунчилигимизда масофавий таълим, масофавий меҳнат, масофавий хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар назарда тутилмаган. Мана шундай шароитда яшашга, ишлашга, мулоқот қилишга ўрганишимиз керак. Бу ҳали қанча давом этишини Худо билади. Пандемия бир-икки ойда тамом бўлган тақдирда ҳам кейинги йилда бундай ҳолат юз бермаслигига ким кафолат беради?”, дейди Норбоева. 

Норбоевага кўра, карантин даврида кўплаб ташкилотлар, корхоналар ходимларини розилигисиз пулсиз меҳнат таътилига чиқарган. 

“Ишлаш шароитида кўрдикки, тадбиркорларимиз, давлат хизматчиларимиз учун, умуман аҳоли учун қонунларда кўзда тутилмаган масалалар жуда кўп ноқулайликлар, қийинчиликлар туғдирди. Шуларни инобатга олиб, биз вазирлик ва идораларнинг 30  га яқин вакиллари иштирокидаги таркибда ишчи гуруҳ ва сенаторларимиз бошчилигида тегишли қонунчилик йўналишлари бўйича кичик гуруҳларни шакллантирдик. Келгусида ҳам биз бу масалани Сенат Кенгаши мажлисида кўриб чиқамиз. Мақсадимиз Қонунчиликни мана шундай ҳолатларга мослаштириш. 

Мана айтайлик, “Таълим тўғрисида”ги қонун. Масофавий таълим ушбу қонунда, албатта, акс эттирилиши керак.  Меҳнат қонунчилигида, албатта, масофавий меҳнат масалалари акс эттирилиши керак. Бунда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол қилинмасдан ҳал этилиши керак. Масалан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан қандайдир ҳужжат қабул қилинган ва у ерда чеклашлар мавжуд. Ойлик беришда, пул тўланмай таътилга чиқариб юборишда ёки ходимнинг розилигисиз меҳнат таътилига чиқариб юбориш ҳолатлари бўлди. Масофавий ишлаш шароитлари аслида қандай бўлиши керак? Мана шулар меҳнат қонунчилигида бўлиши керак”, дейди Сенат раиси. 


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Ялпи мажлис Сенат

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг