Маскнинг ракетаси яна портлади (видео)

Технология

image

Америка Қўшма Штатларида SpaceX компаниясига тегишли Starship ракетасининг иккинчи синови муваффақиятсиз якунланди: ракета учирилганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳавода портлаб кетди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди. 

Компания биринчи муваффақиятсиз синовдан сўнг, қайта уриниб кўришга қарор қилганди. Ракетанинг парвози 18 ноябрь куни Х ижтимоий тармоғида жонли эфирга узатилди. Аммо ракета самога кўтарилиши билан бир неча дақиқа ўтиб, яна портлаб кетди. 

"Биз иккинчи имкониятни ҳам бой бердик. Иккинчи босқичда парвозни автоматик тугатиш тизими ишга туширилди", дейди кўрсатув бошловчиларидан бири бўлган SpaceX компаниясининг мутахассиси.

Учириш Техасдаги Boka Chiko космодромидан маҳаллий вақт билан 07:02 да амалга оширилди. Компаниянинг режаларига кўра, Starship Ер атрофида тўлиқ бўлмаган орбитани айланиб, Гавайи оролларига қўниши керак эди. 

Муваффақиятсиз синовга қарамай компания вакиллари ушбу амалиёт фойдали бўлганини айтмоқда. 

"Бугунги синов Starship'нинг ишончлилигини янада оширишга ёрдам беради", деб ёзади компания Х ижтимоий тармоғида.

Ўз навбатида, АҚШ Миллий Аэронавтика ва космик маъмурияти директори Билл Нелсон ушбу лойиҳа бўйича ишлар ҳали ўз якунига етмаганини қайд этди. 

"Бугунги синовда муваффақиятга эришган жамоаларни табриклайман. Коинотга парвоз – бу қатъият ва дадил инновацияларни талаб қиладиган саргузашт. Бугунги тажриба яна парвоз қилиш учун имкониятдир", деб ёзган у ижтимоий тармоқда.

Эслатиб ўтамиз, SpaceX 20 апрелда амалга оширган аввалги учирилиши ҳам муваффақиятсиз якунланганди. Ўшанда 120 метрли ракета 38 км баландликка кўтарилган ва учирилгандан тахминан 2,5 дақиқадан ўтиб, назоратсиз айлана бошлаган, яна 1,5 дақиқадан сўнг портлаш содир бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ракета SpaceX Маск Starship

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг