Машиналарга экостикерлар бериш яна орқага сурилди
Жамият
−
09 Сентябрь 4200 2 дақиқа
Автомобиллардан атмосферага чиқаётган ифлослантирувчи моддаларни қисқартириш бўйича “Экологик транспорт” тизимини жорий этиш муддати 2026 йил 1 январга қадар ўзгартирилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 4 сентябрь куни қабул қилинган “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Ушбу қарорга кўра, аввал 2024 йилдан бошланиши режалаштирилган “Экологик транспорт” тизими навбатдаги кечиктиришдан сўнг, 2026 йилнинг 1 январидан жорий этилади. Дастурнинг мақсади – автомобиллардан чиқаётган ифлослантирувчи моддаларни қисқартириш ва экологик назоратни кучайтиришдан иборат.
Тизим босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи босқич 2025-2027 йилларда Тошкент шаҳрида, иккинчиси 2028-2030 йилларда Нукус ва вилоят марказларида ҳамда заруратга кўра, сайёҳлик марказлари, табиат қўриқхоналари ва соғломлаштириш масканларида татбиқ этилади. Учинчи босқич эса 2031-2034 йилларда бутун мамлакат ҳудудларига тарқатилади.
Экологик меъёрларга мувофиқликни баҳолашда ишлаб чиқарувчининг “Евро” стандарти бўйича маълумотлари асос қилинади. Агар транспорт воситасининг экологик синфи аниқланмаса, у Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги махсус марказда диагностикадан ўтказилади.
Ташланмаларнинг зарарлилик даражасига қараб автомобилларга яшил, сариқ ёки қизил стикер берилади:
- Яшил стикер – экологик меъёрларга тўлиқ жавоб берувчиларга;
- сариқ стикер – ўрта даражада ифлослантирувчи воситаларга;
- қизил стикер – юқори даражада зарарли чиқиндиларга эга автомобилларга берилади.
Эслатиб ўтамиз, тизим аслида 2024 йилнинг 1 июнидан иш бошлаши керак эди, бироқ расмийлар унинг бошланишини тўққиз ойга, 2025 йил 1 мартга қолдирганди.
Live
Барчаси