Марказий Осиё ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирлари кескин вазият юзасидан музокара ўтказди

Жамият

image

Бугун, 7 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Превентив дипломатия маркази ташаббуси билан Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирларининг виртуал форматдаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар берди. 

Қайд этилишича, учрашувда афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ҳамда сиёсий жараёнларни ривожлантиришда афғон халқининг етакчилик роли тамойилини ҳурмат қилиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги айтиб ўтилган.

Шунингдек, халқаро терроризм таҳдидларига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиё давлатлари томонидан ушбу йўналишда амалий саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш муҳимлигига эътибор қаратилган.

Маълум қилинишича. томонлар Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда кенгайтиришни қўллаб-қувватлашини билдирган. Афғонистонга кенг кўламда кўмаклашиш, жумладан пандемия даврида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишнинг устувор йўналишлари бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Републикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашганди. Комилов ва Блинкен ўртасидаги муҳокама мавзуси ҳам Афғонистондаги вазият бўлди. Шундан сўнг, Комилов Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашув ўтказди. Унда ҳам, асосан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Тошкент шаҳрига сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” юқори даражали мулоқотида иштирок этиш учун келган Европа ташқи фаолият хизмати бош котиби ўринбосари Энрике Мора билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Қозоғистон Тожикистон Қирғизистон Туркманистон

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг