Абдулазиз Комилов Афғонистондаги нотинчлик фонида АҚШ Мудофаа вазири билан учрашди
Жамият
−
02 Июль 2021
6201Кеча, 1 июль куни Вашингтон шаҳрига Ўзбекистон делагацияси раҳбари сифатида келган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашув ўтказди. Учрашув чоғида Пентагон раҳбари вазир Абдулазиз Комиловни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
“Музокараларда мудофаа йўналишидаги, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Турли даражалар ва йўналишлардаги мунтазам мулоқот сабабли сўнгги йилларда Ўзбекистон-Америка алоқалари ижобий ўсиш суратларини касб этаётгани, амалий мазмун билан бойиб бораётгани қайд этилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларнинг Ўзбекистон томонидан кўп йиллардан буён қўллаб-қувватланаётганини олқишлаган ҳамда ушбу мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ва унинг Марказий Осиё минтақасига интеграциясига кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Републикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашганди. Комилов ва Блинкен ўртасидаги муҳокама мавзуси ҳам Афғонистондаги вазият бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Тошкент шаҳрига сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” юқори даражали мулоқотида иштирок этиш учун келган Европа ташқи фаолият хизмати бош котиби ўринбосари Энрике Мора билан Афғонистондаги жорий вазият юзасидан фикр алмашди.
LiveБарчаси