Марказий банк асосий ставкани пасайтиради
Жамият
−
10 Июнь 2020
10850Ўзбекистон 2020 йилда ялпи ички маҳсулотни 2 фоизга ўстиришни мақсад қиляпти. Бунинг учун эса Марказий банк асосий ставкани пасайтириши керак бўлади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 9 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда ЯИМни 2 фоиз ва ундан бироз кўпроқ ҳамда саноатни 3,5 фоизга ўстириш бўйича вазифа қўйган.
“Бизни зиммамизга саноатда ишлаб чиқаришни 3,5 фоизга ўстирш вазифасини қўйдилар. Бу биринчи навбатда карантин сабаб ишламай қолган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, уларни айланма маблағлар билан вақтида таъминлаш, фоизларни кўриб чиқиш ҳисобига амалга оширилади”, деди Жамшид Қўчқоров.
Қўчқоровнинг таъкидлашича, яқин кунларда Марказий банк бошқаруви кенгаши қайта молиялаш ставкасини пасайтириш бўйича қарор қабул қилади. Президент Марказий банк таклифини маъқуллаган. Фоизлар бирмунча пасайтирилади.
Қайд этилишича, саноат корхоналарини ҳам молиявий, ҳам ташкилий томондан қўллаб-қувватлаш ва субсидиялар бериш саноатни 3,5 фоизга ўстириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк жорий йилнинг 14 апрелида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 15 фоиз даражасида белгилаган эди.
Маълумот учун, кеча Ўзбекистон Президенти миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь