Марказий банк 23 та молия ташкилотини жазолади
Жамият
−
20 июл 2102 2 дақиқа
Ўзбекистон Марказий банки 23 та молия ташкилотини жаримага тортди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йил июнь ойида ўтказилган йиғилишларда молия ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилган. Жами 7 та йиғилиш давомида 34 та масала муҳокама қилиниб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.
Йиғилишларда кредит ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, банклар фаолиятини назорат қилиш ҳамда молиявий барқарорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 22 та масала кредит ташкилотлари фаолиятига рухсат бериш ва рўйхатдан ўтказиш йўналишида кўриб чиқилган.
Шунингдек, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини берувчи аудиторлик малака сертификатлари, микромолия ташкилотларини ҳисобга олиш, тўлов ташкилотларига лицензия бериш, кредит ташкилотлари устав капиталидаги улушларга эгалик қилиш бўйича рухсатномалар ҳамда тижорат банклари раҳбариятига номзодларни кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинган.
Марказий банк маълумотига кўра, кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолати билан боғлиқ 12 та масала ҳам кўриб чиқилган. Унда пруденсиал меъёрларга риоя этилиши, ўтказилган инспекция текширувлари натижалари ва ташкилотларнинг молиявий кўрсаткичлари таҳлил қилинган. Назорат натижаларига кўра, пруденсиал талабларни бузган ҳамда фаолиятини қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштирмаган 23 та банкка нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши ҳақида огоҳлантириш берилган.
Бундан ташқари, аниқланган камчиликлар ва қонунчилик талабларига риоя қилинмагани сабабли 21 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ҳамда 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланган. Марказий банк ушбу чоралар молия тизимида барқарорликни таъминлаш, ташкилотлар фаолиятида қонунийлик ва молиявий интизомни кучайтиришга қаратилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Anorbank” Instagram’даги реклама ортидан жаримага тортилганди.
Дилнура Уринова
Live
Барчаси