Маннопов вафот этган куни профессор Зарифбой Ибодуллаев “Star Med”га ёрдамга чақирилгани маълум бўлди
Бу қизиқ
−
15 Март 2023
32676Фарҳод Маннопов вафот этишидан аввал у операция қилинган “Star Med Center” клиникасидан профессор, тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаевга қўнғироқ бўлган ва ундан оғир бемор борлиги, етиб келиши сўралган. Бу ҳақда шифокорнинг ўзи “Озодлик” радиоси билан суҳбатда маълум қилди.
Профессорнинг билдиришича, унга айнан Маннопов операция столига ётқизилган 3 март куни соат 15:00 – 16:00 атрофида “Star Med Center” клиникасидан қўнғироқ қилинган.
“Мен бошқа клиникада бемор кўраётган эдим. Қўнғироқ қилиб, “бир беморнинг аҳволи оғир бўлиб қолди, илтимос, келиб-кетинг”, дейишди. Мен соат 17-18 атрофида боришим мумкинлигини айтдим”, деб ўша кунни эсга олди Зарифбой Ибодуллаев.
Унинг билдиришича, орадан кўп ўтмай, клиникадан реаниматолог қўнғироқ қилган ва бемор комадалигини айтган.
“Нима гап десам, “СПОН” ривожланди шекилли”, деди. СПОН – синдром полиорганной недостаточности (Бир неча органлар етишмовчилиги). “Бемор кома ҳолатида”, деди. Одатда, бемор кома ҳолатида бўлса, мен борганим билан ёрдам қила олмайман. Зудлик билан 16-шифохона (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази)дан реаниматологларни чақиринглар деб айтдим. Шундан кейин улар билан боғлана олмадим. Эртасига эрталаб эса шу воқеа содир бўлганини эшитиб қолдим”, дейди Ибодуллаев.
Шифокор сўзида давом этаркан, гумони борлигини урғулаб, бундай ҳолатда бемор операцияга олинишидан аввал бош мия МСКТ текширувидан ўтказилиши кераклигини айтади.
Аввалроқ, “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Манноповнинг комага тушганини шифокорлар унинг яқинларидан 6 соат давомида яширгани, фақат оила аъзоларининг қистови билан у комага тушганини очиқлашга мажбур бўлингани айтилган эди. Марҳумнинг дўсти Улуғбек Шодибеков Маннопов комага тушгач, унинг қон таҳлиллари бошқа клиникада бир неча бор текшириб борилгани, у операция қилинган клиникада эса керакли техникалар бўлмаганини айтади.
Эслатиб ўтамиз, Фарҳод Манноповнинг ўлимига алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Фарҳод Манноповнинг ўлиги чиққан “Star Med Center” кеча, 14 мартдан эътиборан фаолиятини 10 кунга тўхтатди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган.