Малида ҳарбийлар вақтинчалик Президент ва Бош вазирни ҳибсга олди
Олам
−
25 Май 2021
5503Африканинг Мали давлатида ҳарбийлар мамлакатнинг муваққат Президенти Ба Ндау ва Ҳукумат раҳбари Моктар Уанни ҳибсга олишди. Улар кеча, 24 май куни Бамако яқинидаги Кати ҳарбий базасига олиб кетилган, деб хабар бермоқда “Interfax”.
Ўтиш даври ҳукумати 14 май куни истеъфога чиққан ва вақтинчалик Президент кабинет раҳбарига янги ҳукумат тузишни буюрган. Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тузилганлиги кеча, 24 май куни маълум бўлган.
Унинг таркибига Ички хавфсизлик вазири Модибо Коне ва Мудофаа вазири Садио Камара киритилмаган. Уларнинг четлаштирилиши учун ҳеч қандай сабаблар кўрсатилмаган, аммо бу қадам ўтиш ҳукумати ичидаги сиёсий зиддият кучайганидан дарак беради.
Вақтинчалик Президент ва Бош вазирнинг ҳибсга олиниши ҳарбийларнинг янги ҳукумат таркибига муносабати бўлиши мумкин. Айни пайтгача вақтинчалик Президент ва Бош вазир томонидан ҳеч қандай изоҳ берилмаган.
Мали пойтахтидаги АҚШ элчихонаси “Бамакодаги ҳарбий фаоллик ошгани тўғрисида хабарлар” олганини айтган ва Бамакодаги америкаликларни ўз ҳаракатларини чеклашга чақирган. Кечқурун кўчаларда тартибсизликлар бошланган.
Маълумот ўрнида, бундан аввал мамлакатнинг собиқ Президенти Иброҳим Бубакар Кейта ҳарбийлар босими остида истеъфога чиққанди. Кейта “лавозимида қолиш учун қон тўкишни истамаслигини” айтган.
LiveБарчаси