Мактабнинг 11-синф битирувчиларига диплом берилади
Жамият
−
28 Март 2019
14057Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси порталига “Умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчиларига касб малакаси дипломини бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги Халқ таълими вазирининг буйруқ лойиҳаси жойлаштирилди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сон “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тайёрланган.
Ушбу буйруққа асосан 11-синф битирувчиларининг Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида малака талабларини бажарган ўқув-дастурларида белгиланган билимларни ўзлаштирган ўқувчиларга давлат намунасидаги касб малакаси дипломи берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасини муваффақиятли тамомлаган битирувчига меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи оддий ёки аъло даражали касб малакаси дипломи берилади ҳамда мазкур диплом битирувчининг қайси ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари касб-ҳунар ўрганишидан қатъий назар ўзи таълим олаётган умумий ўрта таълими мактаби директори томонидан берилиши белгиланган.
Умумий ўрта таълим муассасалари 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари:
- ўқувчиларга махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касб-ҳунар ўргатиш;
- шу касб бўйича ижодий фикрлайдиган, ташкилотчилик ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган шахсни тарбиялаш;
- ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар танлашда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
LiveБарчаси