Мактабда карта ўйнаган ўқувчиларнинг ота-онаси жазоланди
3-саҳифа
−
11 Декабрь 4499 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчилари мактабда карта ўйнагани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ўрганиш натижасида жорий йилнинг 28 ноябрь куни 11-“А” синфнинг 7 нафар ўқувчиси 5-соат дарс машғулоти тугагандан сўнг синф хонасида карта ўйнагани, улар шу синф ўқувчиси томонидан видеога олингани аниқланган.
Хизмат текшируви натижаларига кўра, лавозим вазифаларини лозим даражада бажарилмагани, жиддий камчиликларга йўл қўйилгани учун ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилган ҳамда 11-“А” синф раҳбари синф раҳбарлиги вазифасидан озод этилган.
Бундан ташқари, Давлатобод тумани ИИБ томонидан фарзанд тарбиясига бефарқлиги ҳамда назоратсиз қолдиргани, эътиборсизлик қилгани учун ота-оналарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима қўлланилган.
“Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳолатни қатъиян қоралайди ҳамда бундай қонунбузарликларга мутлақо йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида ўқув интизоми ва тарбиявий талаблар янада кучайтирилиши бўйича аниқ чоралар кўрилганини маълум қилади. Ўқувчи тарбияси ва интизом борасида ҳар қандай лоқайдликка мутлақо йўл қўйилмаслиги билдирилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларни китоб билан урган ўқитувчи ишдан олинганди.
Live
Барчаси