Макрон Ўзбекистонга келади
Жамият
−
26 Октябрь 2023
13371Франция Президенти Эммануэль Макрон Қозоғистонга ташрифидан сўнг 2 ноябрь куни Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Елисей саройига таяниб, AFP хабар берди.
“Франция бу икки давлатни ислоҳот ва модернизация йўлида қўллаб-қувватлашга, халқаро муносабатларни диверсификация қилишга ҳисса қўшишга, уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини, шунингдек, Европа билан муносабатларини мустаҳкамлаш борасида қўллаб-қувватлашга тайёр”, дейилади Франция раҳбарининг маъмурияти баёнотида.
Елисей саройи Қозоғистон ва Ўзбекистонни Францияга яқинлаштиришдан мақсад “иқтисодий соҳада, хусусан энергетика соҳасида, муҳим материаллар етказиб бериш, транспорт, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва мудофаа бўйича ҳамкорлик қилиш” эканини билдирган.
Маълумот учун, Макрон кеча, 25 октябрь куни Яқин Шарққа сафаридан Францияга қайтган. У Исроилга ташриф буюрган, у ерда мамлакат Президенти Исаак Герцог ва Бош вазир Беньямин Нетаньяху билан учрашган, шунингдек, Рамаллоҳга ташриф буюриб, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан музокаралар ўтказган. Сафарнинг сўнгги кунида у Амманда Иордания қироли Абдулла II, сўнгра Қоҳирада Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан учрашувлар ўтказган.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матбуот хизмати Франция раҳбари Қозоғистонга 1 ноябрь куни ташриф буюришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Парижга борган ва Елисей саройида франциялик мавқедоши Эммануэль Макрон билан музокара ўтказганди. Учрашув якунида Мирзиёев Макронни ўзи учун қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь