Макрон Нетаньяхуга Исроил кимнинг қарори билан ташкил қилинганини эслатди
Олам
−
16 Октябрь
32533Франция Президенти Эммануэль Макрон Вазирлар кенгашининг ёпиқ йиғилишида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ резолюцияси асосида пайдо бўлган яҳудий давлатининг вужудга келган шароитларини эслаши кераклигини айтди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Le Parisien” газетаси хабар берди.
“Исроил Бош вазири Нетаньяху ўз мамлакати БМТ қарори билан яратилганини унутмаслиги, шунинг учун у ташкилот қарорларига эътироз билдирмаслиги керак”, деган Макрон.
Газетанинг қайд этишича, Президент бу ҳақда Исроилнинг Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши БМТ муваққат кучларининг Ливандаги манзилларида олиб бораётган амалиётлари ва тинчликпарвар кучларга ҳужумлар туфайли Исроил элчисини Франция Ташқи ишлар вазирлигига чақириши фонида айтган.
Нетаньяхунинг Макрон билан телефон суҳбатидан сўнг, Исроил Бош вазирининг идораси “Франция Президентига эслатма” номли тушунтириш берди.
Унда айтилишича, Исроил давлати БМТ резолюцияси натижасида эмас, балки кўпчилиги Ҳолокостдан омон қолган ёки Франциядаги Вичи режимидан қутулган жасур аскарларнинг қони билан тўланган Мустақиллик урушидаги ғалаба натижасида ташкил топган.
Маълумот учун, 23 сентябрь куни Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши “Шимолнинг ўқлари” операциясини бошлаб юборди ва бу операция давомида ташкилотнинг ҳарбий нишонларига катта зарбалар берди. 1 октябрга ўтар кечаси Исроил армияси Ливан жанубидаги чегара ҳудудларида қуруқликдаги операция ўтказилишини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Ливан жанубидаги UNIFIL тинчликпарвар кучларини ҳужумдан “зудлик билан” олиб чиқишни сўраган эди.