Нетаньяху БМТ кучларини Ливандан олиб чиқишни сўради
Олам
−
14 Октябрь
3711Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Ливан жанубидаги UNIFIL тинчликпарвар кучларини ҳужумдан “зудлик билан” олиб чиқишни сўради. Тегишли видеомурожаат кеча, 13 октябрь куни исроиллик сиёсатчининг ижтимоий тармоқларида эълон қилинди.
Нетаньяхунинг фикрича, тинчликпарвар кучларни эвакуация қилишдан бош тортиб, БМТ уларни “Ҳизбуллоҳ”нинг “гаровига” айлантирмоқда.
"Бу уларни ҳам, аскарларимиз ҳаётини ҳам хавф остига қўяди", дея қўшимча қилди у.
UNIFIL’нинг маълум қилишича, 13 октябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 04:30 да ЦАХАЛнинг иккита танки тинчликпарвар кучлар жойлашган позициянинг асосий дарвозасини бузиб, “мажбурий равишда” кирган. Исроил ҳарбийлари базада чироқларни ўчиришни талаб қилган.
Бундан бир кун олдин эса UNIFIL вакили Андреа Тененти AFP’га берган интервьюсида Исроил томонининг илтимосларига қарамай тинчликпарвар кучлар минтақани тарк этмаслигини айтди.
11 октябрь куни эса БМТнинг Ливан жанубидаги муваққат кучлари Исроил танкининг UNIFIL штаб-квартирасидаги кузатув минорасига бориб урилгани оқибатида икки тинчликпарвар аскари яралангани ҳақида хабар берди.
Исроил Бош вазири Нетаньяху тинчликпарвар кучлар билан содир бўлган воқеаларни изоҳлар экан, у Муваққат кучлар аскарлари яраланганидан "афсусда" эканини айтди ва "бундай бўлишининг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилишга" ваъда берди.
"Аммо буни таъминлашнинг энг оддий ва энг аниқ йўли уларни хавфли зонадан олиб чиқишдир", деди у.
Ливан Бош вазири Нажиб Микати Биньямин Нетаньяхунинг UNIFIL тинчликпарвар кучларини олиб чиқиш ҳақидаги чақириғини қоралади. Унинг сўзларига кўра, Исроил Бош вазирининг Гутерришга берган огоҳлантириши “душманнинг халқаро меъёрларга риоя қилмаслик ёндашувида янги бобни ифодалайди”.
Италия Бош вазири Жоржия Мелони, ўз навбатида, Нетаньяху билан телефон суҳбатида Ливандаги UNIFIL тинчликпарвар кучларининг хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти ҳақида эслатди. У, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ливан бўйича 1701-резолюциясини “тўлиқ амалга оширишга” чақирди ва минтақадаги можарони юмшатиш зарурлигини таъкидлади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюцияси Исроилни Мовий чизиқдан ташқарига чиқиб кетишга ва Ливандаги Литани дарёси билан ўртасидаги ҳудудни демилитаризация қилишга чақиради, бу ерда фақат Ливан армияси ва БМТнинг Ливандаги вақтинча тинчликпарвар кучларига (UNIFIL) тегишли қурол ва ҳарбий техника сақланиши керак бўлади.
LiveБарчаси