Махачқалъа аэропортидаги тартибсизликлар бўйича 27 киши ҳибсга олинган

Олам

image

Доғистон Олий суди Махачқалъадаги тартибсизликларнинг 27 нафар иштирокчисини ҳибсга олиш бўйича қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда ТАСС Олий суд матбуот хизмати раҳбарига таяниб, хабар берди

"Доғистон Олий судига ҳибсга олинганлар томонидан РФ Жиноят кодексининг 212-моддаси 2-қисми (Оммавий тартибсизликлар уюштириш)га оид айбловлар бўйича 27 та апелляция шикояти келиб тушди. Барча қарорлар ўзгаришсиз қолдирилди", дейилади бу ҳақдаги хабарда.

Аввалроқ Доғистон Олий суди 17 кишига нисбатан бундай қарорларни маъқуллаган эди. Маълумотларга кўра, 14 ноябрга қадар республика судларига камида 302 кишига қарши ноқонуний митинг ўтказилгани бўйича баённомалар келиб тушган.

Махачқалъа халқаро аэропортидаги тартибсизликлар

29 октябрь куни кечқурун Россия Федерациясидаги Доғистон республикасининг пойтахти Махачқалъадаги халқаро аэропортга оломон бостириб кирганди. Ғазо секторидаги уруш пайтида Исроилдан келган самолёт туфайли тартибсизликлар бошланганди.

Одамлар аэропорт яқинида тўплана бошлаган. Маҳаллий вақт билан соат 19:00 да Тель-Авивдан самолёт етиб келган. Аэропортга келган оломон Исроилдан учиб келган йўловчиларни топиш учун одамларнинг паспортларини текширишни бошлаган. 

Шундан сўнг, йиғилганлар аэропортнинг халқаро терминал биносига бостириб кириб, уни тўсиб қўйган ва учиш-қўниш йўлагига чиқиб кетган.

Соат 21:33 да Федерал ҳаво транспорти агентлиги Махачқалъа аэропорти "номаълум шахсларнинг кириб келиши" сабабли учиш ва келиш учун ёпилганини эълон қилган. Билдирилишича, "вазият нормаллашгунга қадар" учта рейс, жумладан, Москва ва Сургут рейси қолдирилган.

Россия Тергов қўмитасининг Доғистон бўйича департаменти ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 212-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Тергов ишлари республика прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Ички ишлар вазирлигининг Шимолий Кавказ федерал округи бўйича департаменти тартибсизликларда иштирок этганларнинг барчасини аниқлашга ваъда бериб, аэропорт ва унинг атрофидаги ҳудудларда видеокузатув тизими мавжудлигини таъкидлаган.

Аэропортдаги тартибсизликлар туфайли Доғистон раҳбари Сергей Меликов бошчилигидаги "ижтимоий-сиёсий вазият билан боғлиқ" штаб тузилган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов аэропортга келганларнинг ҳаракатини қўпол қонун бузилиши деб атаган. 

Доғистон миллий сиёсат вазири Энрик Муслимов аэропортга келиб, йиғилганлардан тарқалишни сўраган. У билан бирга вилоят ёшлар ишлари вазири Комил Саидов ҳам бўлган.

Федерал ҳаво транспорти агентлиги соат 22:20 га келиб, Махачқалъа аэропорти аэродроми "рухсатсиз фуқаролардан озод қилинганини маълум қилган. 

Доғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тартибсизликлар оқибатида жароҳатланганлар борлиги, 20 киши, жумладан полициячилар ҳам яралангани ҳақида хабар берган.

“60 киши қўлга олинди, жами 150 нафар тартибсизлик иштирокчиси аниқланди”, деб хабар қилган ИИВ.

 


Мақола муаллифи

Теглар

тартибсизликлар Маҳачқалъа аэропорти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг