Францияда тартибсизликлар бошланганидан бери 4 минг киши ҳибсга олинди

Олам

image

Францияда тартибсизликлар пайтида полиция ва жандармлар 4 минг кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги раҳбари Жеральд Дарманин Сенатдаги йиғилишда маълум қилди.

“Тўполонлар чоғида 4000 киши ҳибсга олинган, улар ўртача 17 ёшда”, дейди Дарманин.

Ҳибсга олинганларнинг тахминан 10 фоизи француз фуқаролигига эга бўлмаган.

Дарманинга кўра, қамоққа олинганларнинг ёш чегараси 11 ёшдан 59 ёшгача, ўртача ёши эса 17-18 ёшни ташкил этган.

“Тўполонлар пайтида 23 878 та ўт қўйиш ҳолати қайд этилди, улардан 12 031 таси автомобилларни ёндириш ҳолатидир”, дейди у.

Шунингдек, у 2500 дан ортиқ бинолар, жумладан, 273 ҳуқуқ-тартибот идоралари биноси, 500 га яқин шаҳар ҳокимияти ва 168 та таълим муассасаси шикастланганини қўшимча қилган.

Франциядаги вазият 

Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.  

Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.

Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.

Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган. 

Бундан ташқари, Франция Президенти тартибсизликларга компютер ўйинлари сабаб бўлганини айтганди. Франциядаги тартибсизликлар ортидан Бельгия ва Щвейцарияда ҳам намойишлар бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция тартибсизликлар жандарм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг