“Мақсадим қонунийликни тарғиб қилиш эди”. Блогер Бобур Ғаниев фаолиятини тўхтатди
Жамият
−
18 Октябрь 2021
15796Йўл-патруль хизмати ходимларини ҳақорат қилгани учун 15 суткага қамалган блогер Бобур Ғаниев кеча, 17 октябрь куни тунда ўзига тайинланган жазони ўтаб, озодликка чиқди.
Бугун, 18 октябрь куни эса Бобур Ғаниев видеомурожаат билан чиқиб, блогерлик фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
“Ҳурматли юртдошлар мен бир бизнес бошладим. Шунинг учун, YouTube-каналимни юритишга вақтим бўлмайди. Мени тўғри тушунасизлар деган умиддаман”, дейди блогер.
Бобур Ғаниев мақсади қонунийликни тарғиб қилиш бўлганини қўшимча қиларкан шундай дейди:
“Бир донишманд айтган экан: Ҳамма қонуний нарса ҳам адолатли эмас, ҳамма адолатли нарса доим ҳам қонуний эмас”.
У шунингдек, 30 сентябрдан 17 октябргача эгнида бўлган кийимларини ёқиб юборганини ҳам кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда блогер Бобур Ғаниевнинг Ички ишлар органларида ерда ўтиргани акс этган видео ва суратлар тарқалган эди. Пойтахт ИИБ мазкур суратлар ортидан кўтарилган шов-шувлардан сўнг, блогер билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди.
Унда қайд этилишича, 30 сентябрь куни тахминан соат 23:30 да Учтепа тумани “Фарҳод” бозори рўпарасида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” профилактик тадбири давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан Epica русумли давлат рақами 01 U 909 BB бўлган автомашина тўхтатилган.
Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1993 йилда туғилган Аброр Козубаевнинг (интернет тармоғида “Аброр блогер” номи билан танилган) ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда Epica русумли автомашинада йўловчи сифатида ўтирган 1987 йилда туғилган Бобур Ғаниев (интернет тармоғида “Автоблогер Бобур Ғаниев” номи билан танилган) ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси Аброр Козубаев, йўловчилари Бобур Ғаниев ва О.Салимов Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган.
Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Бобур Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.
Кейинроқ, Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова QALAMPIR.UZ журналистни Феруза Нажмиддинова билан суҳбатда ИИБга олиб келинган блогер Бобур Ғаниевнинг ерда ўтирган ҳолатда сўроқ қилинаётгани акс этган фото ва видеоматериалларни тарқатган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.
Бобур Ғаниевнинг жияни Азамат Абдужабборов QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатда акасининг олдига яқинлари ва адвокати киритилмаётганини айтди. Блогернинг адвокати Садриддин Абубакиров эса мижози билан учрашиши кераклигини, бу қонунга зид эканини таъкидлади. Адвокат блогерга қарши очилган иш “заказной” эканини ҳам айтиб ўтди.
Тошкент шаҳар ИИББ Бобур Ғаниев 15 суткага қамалганидан 2 кун ўтиб, суд бўлиб ўтгани ҳақида расмий маълумот берди. Бошқарма Ғаниевнинг қўл телефонидан топилган порнографик материаллар тарқатилгани ёки тарқатилмаганлигини текшириш учун экспертиза тайинланганини маълум қилди.
Жорий йилнинг 6 октябрь куни эса Ғаниевга нисбатан очилган иш апелляция инстанциясида кўриб чиқилди ва биринчи суд инстанцияси чиқарган қарор ўз кучида қолдирилди.
LiveБарчаси